Буюк ишонч
25.07.2018 Маданият

Улуғ қозоқ шоири ва мутафаккири Абай мусиқа соҳасида ҳам самарали ижод қилиб, ўзидан бой мерос қолдирган. У мусиқа ихлосмандларини, ҳаваскор қўшиқчи ва куйчиларни атрофига тўплаб, уларга мусиқа ва қўшиқ сирларини ўргатган. Ўғил-қизлари, яқинлари ҳам Абайнинг мусиқа таълимидан баҳраманд бўлиб, мусиқа асбобларида (дўмбира, най, скрипка, ноғора ва бошқа) куй чалган, қўшиқ айтган. Улар орасидан кейинчалик таниқли бастакорлар ва хонандалар етишиб чиққани тарихдан бизга маълум.

Абайнинг кўпгина куй-қўшиқлари ҳалигача халқ орасида машҳур, ижро этиб келинади. Айни   пайтда шоирнинг йигирма еттита қўшиғининг 36 нусхаси нотага туширилган. Абайнинг куй ва қўшиқлари халқ ижодиётида учрамайдиган ўзига хос оҳангга эга бўлиб, қозоқ мусиқа санъатига янгилик олиб кирди ва унинг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Абай яшаган замон ниҳоятда оғир ва мураккаб эди. У шу даврнинг маънавий ҳавосидан нафас олиб, турли ҳодисалар гирдобида тобланиб камолга етган буюк сиймо. Чунки у дунёнинг асл моҳиятидан бохабар, инсоният эришган дунёвий ва диний илмларни чуқур ўзлаштирган, маънавий камолот босқичларини босиб ўтган комил инсон эди. Мутафаккир ўз халқининг бахт-саодати учун жон куйдириб яшаган даврда кенг қозоқ даласининг турли ҳудудларига сочилган халқни бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳат бўлишга, тинч-тотув ва аҳил яшашга, миллий бирдамликка чақирди. Абайнинг буюклиги ўша даврда тарқоқ ҳолда яшаган қозоқ элини биринчилардан бўлиб бир бутун миллат сифатида кўришни истаганида ва шунга даъват этганидадир.

Ўша даврда қозоқ уруғларини бирлаштириш ғоясини амалга ошириш йўлида жуда катта тўсиқлар бор эди. Бир томондан, қозоқ уруғлари жуда ҳам тарқоқ ҳолда ҳаёт кечирар, иккинчи томондан эса, улар ўртасида ўзаро низолар ҳам йўқ эмасди. Марказлашган раҳбарликнинг йўқлиги, Чор Россияси амалдорларининг халқни бўлиб ташлаб устидан ҳукмронлик ўрнатишлари, халқ орасида сунъий равишда турли ихтилофларни келтириб чиқаришлари элни бир-бирларидан узоқлаштирарди. Шоир ҳар қандай оғир шароитларда ҳам ўз элининг бахтли келажагига ишончини йўқотмади. Мана, қанча вақтдан буён мутафаккир шоирнинг аҳиллик, ҳамжиҳатликка чақирган сабоқларидан қозоқ халқининг неча-неча авлоди тарбияланди ва тарбияланмоқда.

Абай ўз асарлари, қўшиқ ва куйлари билан зулм, истибдод, жаҳолат, ҳақсизлик  остида азоб ва уқубатдан боши чиқмаган халқининг дардига дармон, руҳига озиқ, танига қувват, дилига маърифат етказишни улуғ фазилати деб билди. Ўша даврдаги маданиятли халқларнинг илғор ғояларини қувватлади, уларни ўз халқига тарғиб қилишга  интилди,  ўзининг ҳаёти ва ижодини халқига бағишлади. Унинг асарларидаги фикр қай жиҳатдан бўлмасин халқини олға даъват этиш ғоясига боғланди. Шу билан бирга, қозоқ адабиётини мазмун ва тил жиҳатдан бойитди ҳамда сўз санъатини юксак босқичга кўтарди. Ана шу хизматлари билан Абай қозоқ мумтоз адабиётининг йирик вакилига айланди.

Буюк Абайнинг номи ва ўлмас асарлари у яшаган даврда кенг тарқалмаган эди. Унинг биринчи китоби вафотидан беш йил ўтгандан кейингина Петербургда чоп этилди.

Бугунги кунга келиб Абайнинг эзгуликка йўғрилган илғор ғоялари тўлалигича ўз тасдиғини топди. Маърифатпарвар шоирнинг халқи манфаати йўлидаги орзу-умидлари ушалди. Қозоқ эли ўз мустақиллигини қўлга киритиб, миллий бойликлари ва меҳнатининг самараларини кўриб, эркин ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Мустақил Қозоғистон давлати жаҳон харитасида тинчлик ва ҳамжиҳатлик мамлакати сифатида майдонга чиқиб, йилдан-йилга иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан юксалиб, барча соҳаларда ўз салоҳиятини намоён қилмоқда.

Қозоқ элининг янада мустаҳкам бўлиши ва мамлакатнинг гуллаб-яшнаши учун буюк шоирнинг эзгу ғоялари, теран насиҳатлари, ҳамжиҳатлик ҳақидаги сабоқлари ҳамиша муҳимдир. Шу боисдан ҳам вақт ўтган сайин Абайнинг шон-шуҳрати юксалаверади, буюк мутафаккир шоирнинг умумбашарий аҳамият касб этган доно фикр­лари ва дунёвий қарашлари, ҳаётий эҳтиёжлар билан асосланган илғор ғоялари баркамол жамиятнинг маънавий таянчи бўлиб қолаверади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20