Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: «Ота юртим — буюк қўрғоним, Она халқим — суянган тоғим»
01.05.2018 Маданият
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижодкор зиёлилар катта мамнуният билан кутиб олди. Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА билан суҳбатимиз мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва бугун ижодкор зиммасидаги масъулият хусусида бўлди.

— Чиндан ҳам, Президентимизнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ғоятда оқилона қарори аллақачонлар қақраб қолган ерга ҳаёт бахш этиш учун ёққан ёмғирдек бўлди, — дея сўз бошлади Ҳалима опа. — Бу адабий ҳаётимизда узоқ вақт кутилган воқеадир. Адабиёт ва ижодкорларимизнинг мақомини юксалтириб, халқига чин дилдан хизмат қилиши учун уларга шароит яратиб бериш мазкур ҳужжатнинг тарихий аҳамиятини англатади.

Бу қарорда акс этган қадр ва эҳтиром, тарихий бурилиш, албатта, зарур эди. Унда саксон йиллик йўлни босиб ўтган ижодий ташкилотимиз — Ёзувчилар уюшмасининг юқори савияда олиб бориши лозим бўлган фаолияти аниқ кўрсатиб берилган. Бунда ташкилий-моддий, кадрлар масаласи-ю, адабиётимиз келажаги бўлган ёш ижодкорлар тақдири, “Устоз — шогирд” анъанаси-ю, адабий қадриятларни тиклаш, китоб нашри, унинг тарғиботи, сўз аҳлини асраш, адабиётни ривожлантириш каби барча жиҳатлар қамраб олинган.

Мен шу каби қувончли воқеаларга гувоҳ бўлганимда, шеърларим орасида халқимизнинг тилига ўрнашиб қолган сатрларимни гўёки ҳозир ёзганимдек ҳис этаман.

Онагинам, дориломон кунлар келди шафақлари ол,
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

Бу ажиб ва саодатли кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар айтиб, энди янада бирлашиб, фидойиларча меҳнат қилиб, муносиб бўлиб масъулиятли вазифаларни бажаришимиз керак. Чунки олдинда ўзбек ижодкорлари забт этиши зарур бўлган довонлар, эгаллаши лозим бўлган чўққилар кўп.

— Президентимизнинг ижодкорларнинг заҳматли меҳнатига муносиб баҳо бериб, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги эътибори ўз самараларини бера бошлади...

— Бугун ижодкорлар юксак парвозга шайланиб турибдилар. Пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони ташкил қилиниши, бу ерда устоз шоирларимиз ҳайкаллари ўрнатилиши, халқимизнинг севимли шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов номлари абадийлаштирилиши, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали очилиши ва музейининг ташкил этилиши, шу Ватанга, шу халққа ҳақиқий оталик меҳрини кўрсатиб яшаб ўтган Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги кенг нишонлангани, ўтган йили август ойида Президентнинг ижодкор зиёлилар билан учрашгани, уюшмамизга фаолиятини энг юқори даражаларда олиб бориши учун қасрдек бино қуриб берилгани, қалам ҳақининг оширилиши каби воқеалар таърифига сўз ожиз.

Чингиз Айтматовнинг кундалик ҳаёт ташвишлари ҳар қандай буюк истеъдодни ҳам емириб ташлаши мумкинлиги ҳақидаги фикрини кўпчилик яхши эсласа керак. Ижодкорнинг қаддини кўтариш, унинг заҳматли меҳнатини эъзозлаш давлат раҳбарининг диққат марказида тургани адабиётимиз манглайида қуёш балққани билан баробардир. Юртбошимиз шахсан ўз назоратларига олиб, ёш иқтидор эгалари тирикчиликнинг кўчаларида ҳар кўйга тушиб, бебаҳо истеъдодини йўқотиб қўймасин деб уй-жой, бошпана беришни йўлга қўйдилар. Бу — жуда улуғ иш, ҳали бунинг юксак самараларидан халқимиз жуда кўп баҳраманд бўлади. Бундан йигирма йиллар муқаддам шахсан ташаббуслари билан ташкил этилган Зомин семинарининг очилишида Шавкат Миромонович “Ёш ижодкорларимизнинг катта адабиётга қўйган қадамлари қутлуғ келсин”, деган сўзни айтган эдилар.

Мана, бугун шу тилакнинг ҳам рўёбини, мевасини кўриб турибмиз. Қанчалаб ижодкор ёшлар адабиёт оламида ўз ўрнини топди, топиб бормоқда. “Дўрмон”да мунтазамлик касб этган мушоиралар, сўлим Зомин ва Паркентда қурилаётган дам олиш жойлари... Бу каби рағбатлардан замондош ижодкорларимизнинг руҳида кўтаринкилик, илиқ ҳиссиётлар жўшган.

Истеъдод дегани бу эзгулик ва яхшилик деганидир. Президентимиз қанча истеъдодли ва виждонли инсонларни озодликка чиқардилар, “Ҳаммаям хато қилиши мумкин, баъзида кечириш лозим”, деган ғоятда халқчил фикр билан бу масалага инсонпарварлик ва бағрикенглик билан ёндашганларини биз, шоирлар қанча улуғласак кам.

Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик фаолиятида сўз ва китобнинг, ижодкорнинг қадрига етган раҳбар тимсолини кўриб, шукроналар қиламиз. Буни шунчаки мақтов деб ўйламанг, сўз қадрига етган раҳбар нафақат адабиётнинг, балки халқнинг ҳам бахти эканини асрлар давомида турли халқлар тарихи исботлаб келган. Ўзбек китобхонларининг ҳам севимли асари бўлган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”да туркий халқларнинг бетакрор улуғ адиби Чингиз Айтматов соҳибқирон Амир Темурнинг Эронга юриши пайтида Шероз шаҳрида тўхтагани ҳамда буюк шоир Ҳофиз Шерозийни ҳузурига чорлагани ҳақида ёзади. Суҳбат асносида ўзи ҳам шеърият ихлосманди бўлган соҳибқирон бобомиз шоирнинг лутфу карамига, олижаноб қалбига қойил қолади-ю, мулозимлари томон назар ташлаб, шундай дейди:
— Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир. Менинг бу сўзларим ҳаргиз ёдингизда бўлсин!
Шу кунларда бу ривоятдаги ибратли ўгитлар тез-тез хаёлимдан ўтаяпти. Заҳматкаш халқимизнинг бахтли бўлишга ҳақли эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

— Қарорда таъкидланган “Давлат — маънавиятнинг бош ҳомийси” эканлиги самаралари хусусида нималар дея оласиз?

— Шу саволингизга ўз тақдиримдаги бурилишлар асосида жавоб берсам янаям тушунарлироқ бўлади, деб ўйлайман. Ўзбекистонга узоқ йиллар раҳбарлик қилган Шароф ота Рашидов чеҳраларида офтоб кулиб турадиган беназир инсон эдилар. Мактабда ўқиб юрганимда бир қатор шеърларим вилоят газетасида чоп этилади. Шунда Сирдарёга хизмат сафарига борган Шароф Рашидович шеърларимни ўқиб қоладилар ва “Шу қизалоқнинг уйига бориб отаси билан олий ўқув юртига кириши масаласини ҳал қилиб келасизлар”, деб топшириқ берадилар. Мана шу биргина эътибордан сўнг мен Тошкентга ўқишга келдим, ижодда бир қатор ютуқларга эришдим. Кейинчалик ҳам шахсан ўзлари менинг ижодимни кузатиб бордилар. Уларнинг ғамхўрликлари натижасида “Белые яблоки” ва “Решимость” деган китобларим рус тилида Москвада босмадан чиқди. Катта бир мамлакатнинг раҳбари эндигина чиқиб келаётган ниҳолдеккина бир шоирага бу қадар эътиборда бўлишини қайда кўргансиз? Истеъдодни парваришлаш деган юксак фазилат — бобомерос хислат, бу хислат Темурий боболаримиздан Шароф оталарга, бугунги кунга мерос бўлиб ўтганига гувоҳ бўлиб турибмиз. “Давлат — маънавиятнинг бош ҳомийси” дегани мана шундай амалий жараёнларда кўринади. Давлат маънавиятнинг бош ҳомийси бўлмаса миллат миллат, халқ халқ, давлат давлат бўла олмайди!

— Халқ руҳига таъсир қилиб, унинг қалбини туғёнга солиш қудратига эга бўлган маънавий омиллар орасидан керагини ажрата билиш ҳам муҳим масалалар сирасига киради. Шундай эмасми?

— Албатта. Шукрки, бизда халқимиз руҳига таъсир қилиб, қалбини туғёнга солиш қудратига эга бўлган маънавий омиллар жудаям кўп. Лекин бу омиллар орасида асосийси адабиёт ва китобдир! Бугунги давр шиддатларини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Интернет саҳифаларида “оммавий маданият” хуружлари ёшларимиз онгу шуурига тинимсиз ҳужумлар қилиб тургани сир эмас. Баъзи сайтлар тинмай ўзбек қизларининг хорижга турмушга чиқиб кетаётгани, уларнинг айрим салбий хатти-ҳаракатлари ҳақида ёзиб, миллатимиз обрўйини тушириш учун ҳаракат қилаётган бир даврда ҳар бир инсон, ҳар бир ўзбекистонлик маънавиятнинг посбони, ўз халқи шаънининг асровчиси, қўриқчисига айланиши зарур. Албатта, бот-бот такрорлаётганимиздек, глобаллашув даврида ахборот хуружларига тўсиқ қўйиш мушкул иш. Бироқ бу тушунча билан чегараланиб қолмасдан, атрофимизда юз бераётган ғоявий таъсирларга қарши чоралар, миллий мезонларни белгилаб олишимиз лозим.

Дабдабали тўй қилаётганлар, жамоатчилик фикрини писанд қилмайдиганлар, оиладаги носоғлом муҳит, мардикорликда юрган аёллар... Маънавий ҳаётимизга оид шу каби салбий кўрсаткичлар бор экан, биз ижодкорлар бедор қўнғироқ каби ҳушёр турмоғимиз лозим. Жамиятимизнинг инсонийлик ва ахлоқий ақидаларини поймол қиладиган ҳар қандай ҳаракатга адабиёт, китоб, санъат энг яхши чорадир.

— Ижодкор сифатида ёнингиздаги инсонлар — миллатдошларингизнинг қаддини тиклаш, уларни шарафлаш, улуғлаш Сизга нималарни инъом этган?

— Мен бутун умрим давомида шеърни жону жаҳоним деб ардоқлаб, шеъриятга борлиғимни бағишлаб яшаб келаяпман. Шеъриятга борлиғимни бағишлаганим сари шеърият менга ҳаёт бахш этаверди. Шеър менга онажон халқимнинг меҳрини, устозларимнинг дуоларини, она-Ватанимнинг эҳтиромини ҳадя қилди. Биламизки, инсон ҳаётида ёруғ ва нурли, сурурли кунлар, шунингдек, оғир ва машаққатли лаҳзалар ҳам бўлиши табиий ва ҳар биримиз ҳам турли синовлардан ўтиб яшаб келаётирмиз. Англаганим шуки, ижодкор учун ҳар қандай пайтда ҳам энг муҳими эътиқодида собит қолиш, жонажон халқига бўлган меҳрини асраш, суянчи бўлмиш қаламни қўлдан қўймаслик, доимий ҳамроҳи бўлган оқ қоғозга юрагини тўкишдир! Шеърият каҳкашонида сўз айтиш, башариятга, авлодларга беқиёс адабий мерос қолдириш осон иш эмас. Қўлимни кўксимга қўйиб айтадиган бўлсам, мен адабиёт салтанати учун шеърлар, публицистик асарлар қолдиришим, шунингдек, шеъриятнинг азобларига елка тутиб бера оладиган шогирдлар, дунёнинг обод бўлишига ҳисса қўша оладиган яхши фарзандлар қолдиришим мумкинлигидан кўнглим ёришади.

Менинг ижодим Ватаним ва ватандошларим ҳақида. Қайси бир мавзуда бўлмасин, ундан шу азиз юртимнинг бўй-басти, азиз халқимизнинг тийнати балқиб туради. Биз ўз Ватанимизга томир ёйиб боғланиб кетганмиз. Фақат шу юртнинг тупроғи дардимизга малҳам бўла олади.

Гирдингизда дарёдай оққаним оққан бўлди,
Жонингиз алқаб жоним ёққаним ёққан бўлди,
деган сатрларим бундан қирқ йил олдин ёзилганди.
Она элим дўстингга дўсту,
Душманингга хавфу хатарман.
Жилғалардай чулдираб ўсдим,
Илдизингдан келган хабарман,
деган сатрларим ёки:
Елкам халқим елкасига тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига эгиб турмоғим учун,
Унга қарши нима келса енгиб турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса, Барчасига тайёрман!
каби сатрларимни ўйлаб топмаганман. Улар Яратган кўнглимга солган меҳрнинг изҳорларидир. Мен умрбод ота юртимни буюк қўрғоним, она халқимни суянган тоғим деб яшаб келаяпман. Одам халқини улуғласа ўзи ҳам улуғлик, азизлик кўради. Илдизлари минг йилликларга бориб етган бу халқ ҳар не юмуш айтса елка тутиш ҳар биримизнинг виждоний бурчимизга айланса, биздан бахтли миллат бўлмайди.

— Яқинда “Дугоналар” журнали тақдимоти бўлиб ўтди. Бош муҳаррир сифатида бошлаган фаолиятингизда Сизга руҳий қувват, муваффақият тилаймиз...

— Ташаккур. Юқорида айтганимиздек, бугунги зиддиятли глобаллашув даврда инсон қалби ва тафаккурини турли хил таҳдидлардан ҳимоялаш асрнинг энг катта ташвиши, ижтимоий муаммосига айланди. Ким бизнинг эндигина ҳаётга кириб келаётган навниҳолдеккина қизларимизни, алпомиш йигитларимизни, табиатан мунтазам ҳимоя ва меҳрга муҳтож қилиб яратилган аёлларимизни асрнинг шундай таҳдидларидан асраши керак, қандай омиллар борки, биз бу жараёнларда Президентимиз ёнларида туриб кураша оламиз?!

Мана шундай саволларга жавоб, муаммоларга ечим топиш, ютуқларимизни дунё ҳамжамиятига кўрсатиш учун яна бир майдон яратиш мақсадида шахсан давлатимиз раҳбари таклифлари асосида “Дугоналар” журнали дунё юзини кўрди, десак, хато бўлмайди. Бу журнал аёлларимизнинг бахтиёрлик қўшиқларигагина жўр бўлишга эмас, балки уларни қийнаётган ғаму ташвишларга елкадош бўлишга, ўша ташвишларни биргаликда енгиллаштиришга, ўзбекнинг ойбарчин қизларини тарбиялашга, алпомиш йигитларига мардлик сабоқларини етказишга ҳаракат қилади.
Президентимизнинг “Аёлни, онани рози қилсак ҳамма ишларимиз яхши бўлади”, деган эзгу ғояларини руёбга чиқариш учун бу журнални севимли нашрга айлантириш йўлида фаолият бошладик.

— Самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат!


«Халқ сўзи» мухбири
Шойим БЎТАЕВ суҳбатлашди.

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20