Абул Мўъийн ан-Насафийнинг асари нашр этилди
03.01.2018 Маданият

1news.uz -  Жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафийнинг бой илмий мероси соғлом диний тафаккурни шакллантиришда, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, чинакам баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, аллома асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этиш ҳамда кенг оммага тақдим этиш бўйича аниқ кўрсатмаларни берганди.

Эътиборлиси, вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан исломшунос олим Иргаш Даминов томонидан Абул Мўъийн ан-Насафийнинг “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” (“Тавҳид қоидаларига муқаддима”) асари шарҳ ва изоҳлари билан нашр этилди. Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур, илмий маслаҳатчи Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов.

Вилоят ҳокимлигида мазкур китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров, исломшунос олим Иргаш Даминов ва бошқалар сўзга чиқишиб, Абул Мўъийн ан-Насафий қолдирган илмий-маънавий мерос нафақат ўз замонаси, балки турли хил оқимлар, фирқалар ўз бузғунчи ғоя ва мақсадларини давом эттираётган ҳозирги давр учун ҳам долзарб ҳисобланишини таъкидладилар.

“Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” асарида аҳли сунна ва-л-жамоа ақоиди, хусусан, мотуридия таълимотининг асл мазмун-моҳияти илмий тарзда баён қилинган бўлиб, адашган турли фирқаларнинг даъволарига аҳли суннанинг нақли ва ақлий раддиялари жамланган. Бу эса бугунги глобаллашув даврида дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаоллиги сезилиб турган деструктив оқимларга илмий асосли раддиялар беришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Масалан, ашъарийлар пайғамбар юбориш шарт эмаслигини таъкидлашади. Аслида эса агар инсонларга элчи юборилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бировнинг зарарига бўлса ҳам ўз табиати, хоҳиш-истагига мойил нарсага интиларди. Натижада кўп жанжаллар, душманлик, гина ва кудуратлар юзага келар эди. Бу эса охир-оқибат инсон наслининг тугаб битишига олиб келади. Ваҳоланки оламни яратишдан мақсад инсонлардир. Демак, пайғамбарларни юбориш шаръий йўл-йўриқлар билан халқ учун чиройли оқибат ҳосил бўлиши ва бандалар орасида бекорчилик ва бузғунчилик сабабларини кўтариш учундир.

“Неъматнинг қадр-қиймати ва унга тенг келадиган шукурни баён қилиб берадиган шариат (кўрсатма) лозим”, деб ёзади Абул Мўъийн ан-Насафий. – “Бу ақлли одам имкон топиши учун амалга оширишга мажбур бўлган нарсасини бажариши ва машғул бўлиш ман қилинган нарсадан тийилиши учундир”.

Ашъарийлар ва муътазилийлар фикрини рад қилган Абул Мўъийн ан-Насафий пайғамбарлик туфайлигина инсонлар танаси соғлом, шахслар ва жамоатлараро муносабатлар мустаҳкам туришини исботлайди. Асарда бу каби фикрларни кўплаб учратиш мумкин. Умуман, бу китоб ҳар бир хонадонда, барча таълим ва маърифат масканларида бўлиши, ўқиб-англаниши зарур.

Китоб тақдимоти сўнгида 2017 йил давомида маънавий-маърифий соҳа самарадорлигини оширишдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ маънавият тарғиботчилари ташаккурнома билан тақдирландилар.

"Қашқадарё" газетаси


Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20