Бу сўз эркинлиги туфайли эмасми?!
27.04.2018 Жамият
Матбуотимиз мутасаддиларининг айримларида ички цензурадан чиқиш суст кечяпти. Уларда ҳамон очиқ фикр эълон қилишдан ҳадиксираш, аниқроғи, журъатсизлик бор. Бу эса тирноқ орасидан кир қидирувчиларга қўл келаётганга ўхшайди.

2018 йил ҳисоботига кўра, “Чегара билмас журналистлар” халқаро ташкилоти сўз эркинлиги рейтингида Ўзбекистонни атиги 4 поғона юқорига кўтарган. Аслида бу кўрсаткич ҳаётий воқеликларга қанчалик мос?

Сўнгги бир ярим-икки йил мамлакат ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй берганини дунё кўриб, баҳо бериб турибди. Бу ислоҳотлар фақат иқтисодиётгагина тегишли эмас. Аслида биргина миллий пул бирлигини эркин конвертациялаш ўнлаб йилларда амалга ошириш мумкин бўлган оғриқли жараёндир. Лекин Ўзбекистонда халқ манфаати, иқтисодиётга зарар келтирмасдан ана шундай инқилобий ислоҳот ҳаётга тадбиқ қилинди. Бундай йўлни дунёнинг энг машҳур сиёсатчи, олим ва халқаро молия идоралари мутахассислари хавфсиз ва самарали, деб эътироф этдилар.

Сўз, матбуот эркинлиги соҳасида туб ўзгаришларни кечаги муҳолифатчилар ҳам тан оляптилар. Мамлакат муаммолари, ҳатто энг кўнгилсиз маълумотлар давлат раҳбарининг тилидан айтилиб, барча ОАВларида шу заҳотиёқ эълон қилинмоқда. Биргина мисол, ўз жонига қасд қилганлар ёки давлатга, халққа хиёнат йўлини тутган юқори мартабали мулозимларнинг қилмишлари ва яна ўнлаб мавзулар илгари матбуот юзини кўрмас эди. Бугун бу ҳақда мактаб ўқувчиси ҳам мулоҳаза юритяпти. Ўз фикрини билдиряпти. Бу сўз эркинлиги туфайли эмасми?!

Хорижий ОАВлари вакиллари ўзбек матбуотида ўз нуқтаи назарини очиқ-ошкора эълон қиляпти. Анъанавий VII Чимён (Фарғона) медиалагерида BBC, “Америка овози” каби дунёнинг бир неча йирик ахборот индустрияси мухбирлари юрт, жамият, матбуотимиз ҳақида фикр мулоҳазаларини ошкора баён этдилар ва бу нутқ матбуотда чоп этилди. ЎзА, давлат ва хусусий телерадиоканаллари, матбуот, интернет сайтларида баҳсталаб чиқишлар кўпайди. Бу сўз эркинлиги туфайли эмасми?!

“Халқаро прессклуб” ўзбек жамияти қиёфасининг бир кўринишига айлана олди. Унинг сессияларида давлат, ҳукумат раҳбарлари, юқори мартабали мулозимлар журналист ва шарҳловчиларнинг уларга “ёқмайдиган”, “ноқулай” саволларига ҳам эл-юрт кўз олдида, тўғридан-тўғри жонли эфирда жавоб бермоқдалар. Давлат бошқаруви, ижтимоий ҳаётдаги бирон бир муаммо яширилмай муҳокама этиляпти ва айнан прессклуб фаолияти ўзбек жамиятидаги янгиланиш тезлашишига хизмат қиляпти. Бу сўз эркинлиги туфайли эмасми?!

Шарқона демократик тамойиллар бўлмайди, дегувчилар учун яна бир гап. Шарқ халқлари, жумладан, юртдошларимиз дунёни англабдиларки, воқеликни босиқлик, мулоҳаза билан қабул қилганлар, сўнг фикр, муносабат билдирганлар. Ҳозир ҳам шундай. Қани айтинг, қайси бир халқда андиша деган ибора, унинг таржимаси бор? Ўзбек матбуотидаги бугунги ўзгаришлар, сўз эркинлигининг қиёфаси бир оз бўлса-да андиша пардасига бурканган ва бу бизгагина хос фазилат.

Рейтинг тузувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистон, ўзбек жамиятини чуқурроқ билганларида, ҳақиқий ўзгаришларни холис кўра олганларида сўнгги йил натижаларига кўра, сўз эркинлиги кўрсаткичини анчайин юқорилатган бўлар эдилар.

Тўғри, босма нашрлар, хусусан, матбуотимиз мутасаддиларининг айримларида ички цензурадан чиқиш суст кечяпти. Уларда ҳамон очиқ фикр эълон қилишдан ҳадиксираш, аниқроғи, журъатсизлик борлиги ҳам ҳақиқат. Ўзбекистон эркин жамият сари шаҳдам қадамлар ташламоқда. Шу нуқтаи назардан, биз, журналистлар, матбуотга дахлдор барча ижодкор-у мулозимлар ўзгариб бораётган ҳаётдан ортда қолмаслигимиз лозим.

Fatal error: Cannot use $this as parameter in /var/www/1news/data/www/1news.uz/bitrix/components/bitrix/search.tags.cloud/component.php on line 20